ТОШКЕНТ, 5 апр - Sputnik. Украина президенти Пётр Порошенко “Олимпийский” МСМ допингга қарши марказида спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларга таҳлил топширди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“Янги анъаналарни жорий этамиз”, - деган Порошенко Facebook᾽даги жонли эфир чоғида.
У журналистлар ҳузурида қон топширди. Шунингдек, шифокорлар унинг пешоби ва сочларини таҳлил учун олишади. Таҳлиллар бир неча соатдан сўнг тайёр бўлади.
Бундан ташқари, бугун "Евролаб" клиникасида биринчи тур етакчиси, президентликка даъвогарлик қилаётган Владимир Зеленский ҳам ўз таҳлилларини топширди.
Аввалроқ Зеленский Порошенконинг сайловлар иккинчи туридан олдин дебатлар ўтказиш тўғрисидаги чақириғини қабул қилган эди. Зеленский дебатларни Киев стадионида ва гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликка таҳлил топширгандан сўнг ўтказиш шартини қўйган эди. Бу шартларга Порошенко ўз розилигини билдирди.
Украина президенти сайловлари 31 март куни ўтказилди. Украина МСКнинг маълумотларига кўра, биринчи турда ғолибликни қўлга киритиш учун кураш олиб борган номзодлардан ҳеч қайсиси етарлича овоз тўплай олмаган. Шунинг учун сайловларнинг иккинчи тури 21 апрель куни бўлиб ўтиши белгиланган. Иккинчи турда 30,24 фоиз овоз тўплаган Владимир Зеленский ва 15,95 фоиз овоз тўплаган Пётр Порошенко президентлик курсиси учун ўзаро кураш олиб боришади.