ТОШКЕНТ, 1 апр – Sputnik. 2018 йилда Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 1,4 %га ошди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Марказий банки.
“2018 йилда Россиядан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 3,963 миллиард долларни ташкил қилди. Бу 2017 йилга нисбатан 1,4 %га кўп”, - дейилган Марказий банк ҳисоботида.
2017 йилда Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 3,907 миллиард долларни ташкил қилган эди.
Умумий ҳисобда 2018 йилда хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга 5,114 миллиард доллар ўтказилган. Энг кўп маблағлар Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва АҚШдан юборилган.
Ўзбекистон расмий статистик маълумотларига кўра, 2018 йилда хорижий мамлакатларда 2,6 миллион Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилган. Бу меҳнатга лаёқатли аҳоли сонидан 20% ини ташкил қилади. Меҳнат мигрантларининг 85 % - Россияда ишлаётгани ҳам маълум.
Россия ИИВ хабарига кўра, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари жами мигрантларнинг 10 %ини ташкил қилади. Бу 1 миллионга яқин фуқаро.