ТОШКЕНТ, 30 мар - Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Ханоедаги саммит вақтида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга Қўшма Штатларга ядровий қурол ва бомбалар учун ёқилғини топшириш чақириғи акс этган ҳужжатни топширди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги ҳужжатга таянган ҳолда.
Бу воқеадан хабардор манба сўзларига кўра, Трамп корейс ва инглиз тилларида ёзилган ҳужжатни 28 февраль куни Ханоедаги "Метрополь" отелида топширган.
КХДР ва АҚШнинг иккинчи саммити Ханоеда 27-28 феврал кунлари бўлиб ўтган. Икки мамлакат етакчилари - Дональд Трамп ва Ким Чен Ин музокаралари якунида бирорта ҳужжат имзоланмади.
Трамп матбуот-анжуманида КХДР билан тил топиша олмаслик санкцияларни олиб ташлаш билан боғлиқмаслигини, Пхеньян "бошқа соҳада" ён беришни хоҳламаганини маълум қилган. У шунингдек, иккиёқлама янги саммит яқин ўртада ўтказилмаслиги мумкинлигини қайд этган.