ТОШКЕНТ, 28 мар – Sputnik. Китоб совға қилиш акциясида ўзбек ёш эстрада хонандалари ҳам иштирок этишди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева пойтахтдаги 241–сон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова 299-сон, хонандалар Ойбек ва Нигора 179-сон, Жаҳонгир Позилжонов 278-сон мактабларига боришиб, ўқувчиларга бир қанча китоблар совға қилишди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси маълум қилишича, бу акцияда нафақат пойтахтдаги санъаткорлар балки вилоятлардаги хонандалар ҳам иштирок этишлари режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Юлдуз Усмонова ва бошқа таниқли санъаткорлар Тошкент шаҳридаги 248-сонли ва Тошкент вилоятидаги 6-сонли мактабга ташриф буюришиб, китоб совға қилишгани ҳақида хабар қилгандик.