ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Енгил вазн бўйича UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Twitterда Макгрегорнинг “пенсияга кетиши” ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.
Ўтган йили Макгрегор енгил вазн чемпионлик камари учун беллашувда россиялик Нурмагомедовга мағлуб бўлганди.
“Жунглида фақат битта қирол бўлиши мумкин. Фақат битта”, - деб ёзган Ҳабиб Нурмагомедов.
Ирландиялик жангчи Конор Макгрегор 26 март куни аралаш яккураш спортидаги фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди.
Конор Макгрегор – UFCнинг икки вазн тоифасида собиқ чемпион. ММАда 25 та жанг қилиб, улардан 21 марта ғалаба қозонган ва 4 марта мағлубиятга учраган.
Биринчи UFC чемпионлик унвонини 2015 йилда қўлга киритган.