ТОШКЕНТ, 23 мар - Sputnik, Дилшода Раҳматова. 24 март куни Тошкентда Наврўз биринчи халқаро ярим марафони бўлиб ўтади Халқаро форматда ушбу ярим марафон пойтахт ва мамлакат тарихида биринчи маротаба ўтказилади.
Мусобақа иштирокчилари икки масофани - 21.097 км (ярим марафон) ва 5 км масофани югуриб ўтишлари мумкин. Тадбирни ташкил этишда сертификатланган мутахассислар ва халқаро тоифадаги судяларни ўз ичига олган халқаро компания консултатив кўмак кўрсатмоқда.
Ярим марафон соат 9:00 да бошланади ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бўйлаб асосий кўчалардан ўтади. Старт ва финиш Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳасида ("Ҳумо Арена" муз саройи ёнида) жойлашган.
Мусобақанинг 3 соат ичида финишга етиб келган барча иштирокчилари эсдалик медалларни қўлга киритадилар. Ғолиблар учун соврин жамғармаси ҳам ташкил этилган. Ярим марафонда 1-дан 8-гача жой олган эркаклар ва аёлларга 3 дан 12 млн. сўмгача пул мукофоти берилади. 5 км масофада 1-дан 6-гача ўринни эгаллаганлар 500 000 дан 2 млн сўмгача мукофот билан тақдирланадилар.
Ушбу спорт байрамида камида 15 ёшга тўлган (5 км масофа учун) ва 18 ёшдан катта (Ярим марафон масофасида) барча хоҳловчилар иштирок этишлари мумкин. Иштирок этиш учун 50 000 сўм миқдорида тўловни амалга ошириш лозим. Бутун дунёдаги бундай тадбирларда иштирок этишга ҳақ тўланади. Бунинг сабаби шундаки, ташкилотчилар томонидан футболка, кепка, сумка ва махсус чип ўрнатилган иштирокчи рақамини ўз ичига олган бошланғич пакетларни тайёрланади. Тўпламда, шунингдек, финишда тақдим этиладиган медал ҳам мавжуд.
Ярим марафон ташкилотчилар, ҳомийлар ва хайрия ташкилотлари, шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан тақдим этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
23 март 19.00 ҳолатига қадар марафонда иштирок этиш учун 1658 киши рўйхатдан ўтган.
Улардан 610 нафари - 21 км.га, 1048 нафари - 5 км.га югуриш истагини билдирганлар.
Халқаро марафонда 28 давлатдан иштирокчилар қатнашади. Улар орасида Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатлардан ташқари, Афғонистон, Россия, АҚШ, Австрия, Хитой, Франция, Германия, Эрон, Исроил, Ҳиндистон, Германия, Туркия, Тайланд ва бошқа давлат югурувчилари бор.