ТОШКЕНТ, 21 мар - Sputnik. Бугун Тошкент шаҳрида "Humo Arena" мажмуасида Наврўз айёмига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, тадбир давомида Ўзбекистон учун 2019 йил нега албатта баракали келиши ҳақида тўхталди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Президент байрам нутқи давомида 21 март куни туни билан, қолверса эрталабгача ёғиб чиққан ёмғир борасида ҳам тўхталди.
"Байрам куни ёққан ёмғирда илоҳий куч бор, Наврўз куни ёмғир ёғса, албатта, йилимиз баракали келади. Мана шунинг учун бугунги ниятимиз ҳам, истакларимиз ҳам амалга ошади, йилимиз биз ният келгандек қутлуғ келади", - деди Мирзиёев ҳамда барчага "ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз – Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин", – дея тилак билдирди.
Давлат раҳбарининг бу сўзларини тадбир иштирокчилари гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди.
Мирзиёев меҳнаткаш, матонатли, бағрикенг, Ватанга садоқатли Ўзбекистон халқига фарзандлик меҳри билан чин юракдан таъзим қилишини билдирди.
"Humo Arena" спорт мажмуаси атрофи байрамона безатилган. Наврўзга хос анъаналар, халқ амалий санъати кўргазмаси ва дор ўйинлари ташкил этилган. Сўрилардаги дастурхонларга баҳорий таомлар тортилган.
Карнай-сурнай садолари янграб, байрам шукуҳи барчага шоду-хуррамлик бағишлади.