ТОШКЕНТ, 20 мар - Sputnik. Самарқандда бир гуруҳ раҳбарларга интизомий чоралар кўрилди, деб хабар қилди ҳокимлик матбуот-хизмати.
Вилоят ҳокимлигида ўтган йиғилишда фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жами 37241 нафар фуқаролар томонидан мурожаатлар келиб тушганлиги, шу билан бирга ушбу мурожаатларнинг 10025 таси ижро муддати комиссиялари томонидан кечиктирилгани айтилди.
Шаҳар ва туман масъулларининг ҳисоботи эшитилиб, йўл қўйилган хато-камчиликлар соҳалар кесимида кўрсатиб ўтилди.
Белгиланган талабларга мувофиқ ўз муддатида мурожаатларни ўрганиб чиқмаганликлари боис кўплаб раҳбарлар энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробари миқдорида Давлат хизматлари маркази томонидан жаримага тортилишига хулоса қилинди.
Хусусан, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг хўжалик ҳисобидаги "Ермулккадастр" хизмати ДУК ҳамда унинг Самарқанд шаҳар, Ургут, Пастдарғом, Самарқанд, Оқдарё, Иштихон, Пахтачи, Қўшработ, Пайариқ, Каттақўрғон, Жомбой ва Тойлоқ туман филиаллари раҳбарларига нисбатан ушбу чора қўлланилди.
Шунингдек, Самарқанд ва Иштихон туманлари Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази бош шифокорлари, Ургут ва Нуробод туманлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси раҳбарлари, Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳар ДСИ бошлиқлари, шунингдек, Самарқанд ва Ургут туманлари давлат ёнғин назорати органлари раҳбарлари ҳам жазоланган раҳбарлар сафидан ўрин олди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан бир ҳафталик муддатдан сўнг ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар яна бир бора танқидий муҳокама этилиши белгиланди.