ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Таниқли ҳинд дизайнери, шахсий бренд асосчиси Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият туризми элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган "Ўзбек мусиқа ва модаси фестивали"да маълум қилинди.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, Риту Берини кўпинча “Мода маликаси” ва “Ҳиндистон модаси биринчи хоними” дея эътироф этишади. У Парижда ўз коллекциясини намойиш қилган илк ҳинд дизайнери ҳисобланади. Риту Берининг либосларини жаҳонга машҳур кино юлдузлари, жумладан, Николь Кидман, Летиция Каста, Мадҳури Дикшит кийишади.
Деҳлида бўлиб ўтган фестивалда у анъанавий ўзбек либослари услубларидан фойдаланиб, ушбу тадбир учун махсус тайёрланган кийимлар тўпламини намойиш этди.
Риту Бери ўзига билдирилган бундай юксак ишонч учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик изҳор этди ва Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини тарғиб қилиш учун астойдил ҳаракат қилишга ваъда берди.
“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Ҳиндистонни маданият ва санъат умумийлиги боғлаб туради. Мамлакатларимиз азалдан яқин дўстона муносабатларда бўлган. Фестиваль ташкилотчилари қаторида қатнашиш мен учун катта шараф”, - деди Риту Бери.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданиятларининг яқинлиги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим омилдир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Tashkent Fashion Week-2018 мода ҳафталигида Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ва дизайнер Риту Бери учрашган эди. Ҳиндистонлик дизайнер Зироатхон Мирзиёеванинг дидига қойил қолиб, Instagramдаги саҳифасида у билан бирга тушган суратни жойлаштирган эди.