ТОШКЕНТ, 16 мар - Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Янги Зеландиянинг Крайстерч шаҳрида икки масжидда содир бўлган отишмага нисбатан расмий муносабат билдирди ва ҳодисага "ваҳшийликнинг энг даҳшатли кўриниши", дея изоҳ берди.
"Аслида бу оммавий қотилликни амалга оширган разил кимсалар ҳақиқий террорчилардир. Террорчи бўлганда ҳам ашаддий, қилган жиноятидан ҳузурланадиган, бу ҳам етмаганидек, ўз қотилликлари билан мақтанишдан ҳам тап тортмайдиган ёвузлардир. Булар Аллоҳ таолонинг, Расули Акрамнинг, Ислом динининг ва икки миллиардга яқин мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душманларидир. Яна ҳам умумий қилиб айтсак, инсоният душманларидир.
Сўнгги йилларда айрим мамлакатларда исломофобик кайфият авж олган бир пайтда Австралия ва Янги Зеландияда мусулмонлар тинч ва осуда ҳаёт кечираётган эди. Кўплаб мусулмон мамлакатлардан бориб, у ерда яшаб келаётган диндошларимиз моддий томондан анчагина ривожланиб бораётган эди. Бу ҳолат қора кучларнинг манфаатига зид келди. Улар вақт ўтгани сари Ислом анъаналарининг маҳаллий аҳолига ҳам таъсир этишидан чўчиди. Натижада улар шундай даҳшатли террорни уюштиришгача бориб етди", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жума куни Крайстчерча (Жанубий орол) даги иккита масжидда отишма содир бўлган ва маҳаллий ҳукумат ахборотига кўра, 49 киши ҳалок бўлган. Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн юз берган ҳодисани теракт, деб атаган. Ҳужумга алоқадорликда гумонланаётган уч нафар шахс қўлга олинган. Улар орасида Австралия фуқароси ҳам бор. 28 яшар Брентон Таррант қотилликда айбланмоқда, бугун шанба куни суд унинг ҳибсда сақланиши муддатини 5 апрелга қадар узайтирди.
Бу қотилликлар айрим манфур кимсаларнинг ўша ерда истиқомат қилувчи мусулмонларга нисбатан мантиқсиз нафрати оқибатидир. Бу нафрат исломофоб нашрлар натижасида пайдо бўлган. Бу машъум воқеа Ислом душманлари буюртмаси асосида амалга оширилган навбатдаги террордир. Бу нафақат мўмин-мусулмонларга, балки бутун инсониятга қаратилган мудҳиш жиноятдир.
"...Жума кунида ўнлаб мўмин-мусулмонларнинг умрига зомин бўлган бузғунчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир. Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолар, дин ва давлат арбоблари уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардликлар билдирмоқдалар.
Аллоҳ таоло шаҳид бўлганларни раҳматига олсин, уларнинг яқинларига сабру жамийл берсин, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини насиб айласин!", - дейилади Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий муносабатида.