ТОШКЕНТ, 15 мар - Sputnik. Россия эстрада ва опера юлдузи Николай Басков Тошкентда "Humo Arena" спорт мажмуасининг очилиш маросимида бошловчилик қилди ва тантанали маросимнинг асосий қисми якунлангач, ўзбекистонлик мухлисларини "хит" бўлган тароналари билан хушнуд этди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Басков кеча давомида Ўзбекистон ҳақида илиқ гаплари ва мақтовларини асло аямади. Хусусан, мамлакат президентига таклиф учун чексиз миннатдорлик билдирди ва мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларга юксак баҳо бериб, ижобий ўзгаришларга бош-қош бўлаётган Ўзбекистон президентига соғлик, зафарлар тилади.
У шунингдек, "Humo Arena"сининг очилишига ташриф буюрган Россия эстрадаси "поп-қироли" Филипп Киркоров билан биргаликда "Ибица" дуэтини куйлагач, Филипп билан азалдан қадрдон эканини, ўрталаридаги дўстлик кун сайин мустаҳкамланиб бораётганини, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари ҳам мана шундай мустаҳкам бўлиб бораверишини тилади.
Юлдуз Усмонованинг чиқишидан кейин, Басков Ўзбекистон примадоннасига чиройли комплимент қилди.
"Бетакрор Юлдуз Усмонова, сиз қўшиқ куйлаганингизда, мен худди ўзбек паловини тановвул қилаётгандек бўламан", - деди Басков ва Ўзбекистон халқ артисти Блдуз Усмоновани ўпиб, олқишлаб қўйди.
Россия "олтин овози"нинг ўзбек санъаткорига бу хушомади залда гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.