ТОШКЕНТ, 15 мар – Sputnik. Humo Arena муз саройининг очилиш маросимига ташриф буюрган машҳур фигурачи Татьяна Навка ўзбекистонликларга ўзининг самимий тилакларини билдирди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
“Бутун Ўзбекистонга аввало бахт, саломатлик ва муҳаббат тилайман. Ҳамма конькига, ҳамма спортга, деган бўлардим. Барча-барчага спорт билан шуғулланишни, спорт залга қатнашни тилайман. Чунки саломатлик – бу ҳаёт, бу ҳаракат, бу қувват, бу ажойиб кайфият. Бу мақсадлар… Менинг фикримча, спорт одамларни бирлаштиради ва чексиз позитив туйғуларни бахш этади”, - деди Татьяна Навка.
Айтганча, Humo Arena муз саройининг очилиш маросими олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Татьяна Навкага маҳаллий НАЭСМИ раҳбари томонидан арена эмблемаси туширилган зарҳал чопон совға қилишди. Чопонни кийиб кўрган Навка ўз хурсандчилиги ва ҳайратини яширмади. Ҳатто дарҳол Instagram саҳифасига жойлаштириш учун суратга ҳам тушди.
“Бу ўзбекона чопонда ўзимни қор маликасидек ҳис қиляпман”, - деди у кулиб журналистларга.
Эслатиб ўтамиз,Humo Arena очилиш маросими 15 март кунига белгиланган. Очилиш маросимида совет ва Россия спорти ва эстрада юлдуздари: Павел Буре, Татьяна Навка, Александр Якушев, Филипп Киркоров, Николай Басков ва Дима Билан иштирок этади. Шунингдек, саройнинг очилиш маросимига президент Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.