ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятни комплекс ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Навоий вилояти ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича илғор ўринларда бўлса-да, мавжуд резерв ва имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхоналарга боғлиқ бўлиб қолгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етарли даражада ривожланмагани кўрсатиб ўтилди.
“Вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий туртки бериш мақсадида, бу ерда шундай энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини яратиш керакки, нафақат маҳаллий аҳоли, балки бошқа вилоятлар аҳолиси ҳам бу ерга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга интилсин. Энди Навоий вилояти – тадбиркорлар вилояти бўлиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.
“Давлатимиз раҳбари шу мақсадда Навоий вилоятини экспортга йўналтирилган инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар бўйича эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бунинг учун Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида махсус комиссия тузилиб, мазкур иқтисодий зона иштирокчиларига бериладиган имтиёз ва енгилликлар тизими белгиланади.
Йиғилишда инвестицияларни фаол жалб қилиб, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 26 триллион 368 миллиард сўмлик 511 та инвестиция лойиҳасидан иборат дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Мазкур дастур доирасида 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириб, 17 минг 400 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Мирзиёев: Одамлар бизга ишоняпти, эртанги кунга умид билан қараяпти
Жумладан, Навоий иссиқлик электр станцияси, “Қизилқумцемент”, “Навоийазот” акциядорлик жамиятлари ва бошқа тармоқларда 12 та йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.