ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Шуғнон туманида яшовчи икки аёлга бўрилар ҳужум қилди. Бу ҳақда Тожикистоннинг “Ховар” Миллий ахборот агентлиги хабар қилди
Фожиа 7 март куни, 83 ёшли аёл ва унинг 55 ёшли қизи уйининг ҳовлисига чиққан вақтда юз берган.
Хабарда таъкидланишича, ҳар икки аёл ҳужум оқибатида олинган оғир жароҳат туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Овчилар ташкилоти раиси Шоди Солеҳжоновнинг маълум қилишича, бу йил ушбу ҳудудларда жуда қалин қор ёққан. Тоғли ҳудудлар ҳозиргача қалин қор остида қолмоқда. Йиртқичлар очлик сабабли аёлларга ҳужум қилган.
Бўрилар ўлжа излаб, қишлоқларга тушиб келишмоқда. Улар нафақат одамларнинг чорва молларига, балки уларнинг ўзига ҳам ҳужум қилишмоқда.
Хабарда айтилишича, бир ой мобайнида 7 та бўри отиб ўлдирилган.