ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматининг маълум қилишича, мунтазамлик касб этган олий даражадаги алоқалар ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончга асосланган мулоқот, мамлакатла идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик ва алмашинувлар жадаллашгани савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги самарали ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражада фаоллаштиришга хизмат қилди.
“2018 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошиб, қарийб 6 миллиард долларга етди. Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида, жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кўплаб бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқд”, - -дейилади хабарда.
Ўзаро мулоқотнинг янги кўп даражали формати, яъни икки давлат Бош вазирлари даражасидаги Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар самарадорлигини ошириш ва уларни ўз вақтида рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.
“Ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида мамлакатимиз ҳудудларида Россия компаниялари иштирокида агрокластерлар ва логистика марказларини ташкил этиш, Ўзбекистон мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини Россия бозорига йирик ҳажмда улгуржи етказиб бериш бўйича янги тизимни жорий этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ўзаро алмашинувларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш қайд этилди”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Россия иқтисодий ривожланиш вазири Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ҳамда ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.