ТОШКЕНТ, 28 фев - Sputnik. Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига "Sigway" ва "Скутер" ҳаракат воситалари ажратилди, деб хабар қилди Спутник мухбирига Хоразм ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси вакили.
Таъкидланишича, бошқармага асосан хорижий тилларни биладиган йигит-қизлар билан жамланган бўлиб, уларда фуқаролар ва сайёхлар билан мулоқот қилиш кўникмалари тўлиқ шакллантирилган.
"Ҳар қандай сохада фақатгина кадрлар салоҳияти билангина кўзланган натижага эришиб бўлмайди, бунда албатта замонавий техника ва технологиялардан ҳам самарали фойдаланиш талаб этилади. Шуни инобатга олган ҳолда, Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси моддий-техник базасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда бошқарма шахсий таркибига хизматда фойдаланиши учун "Sigway" ва "Скутер" ҳаракат воситалари ажратилди. Бу уларнинг хизмат фаолиятида бир қатор қулайликлар яратди десак муболаға бўлмайди", - деди суҳбатдош.
“Ичан қалъа” музей қўриқхонаси ҳудудида ўрнатилган бошқарма кўчма пункти нафақат ходимларнинг қулай шароитда хизмат олиб боришлари шу билан биргаликда сайёхларнинг ички ишлар органларига мурожаат қилишлари учун ҳам қулайлик яратмоқда.
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси таркибида хизмат олиб борувчи ходимларнинг алоҳида ажратиб турувчи белги (атрибутика)га эга эканликлари уларни тезда таниб олиш имконини беради.
Маълум бўлишича, мазкур бошқарма фаолияти йўлга қўйилганидан буён хорижий сайёхларга нисбатан ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этиш ҳолатларига йўл қўйилмаган..