ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Узоқ масофаларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида чегирма ва имтиёзлар жорий этилди, деб хабар қилди "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот хизмати.
Қайд этилишича, йўловчилар Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларидан ўтадиган халқаро йўналишдаги поездларда мазкур чегирмалардан фойдаланиши мумкин.
Муддатидан олдин чиптани харид қилиш вақти бўйича қуйидагилар белгиланади:
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 45—41 кун олдин харид қилинса, СВ ва купе вагонлар учун 55 фоиз;
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 40—31 кун оралиғида харид қилинса, СВ ва купе вагонлар учун 45 фоиз;
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 30—6 кун олдин харид қилинса, СВ ва купе вагонлар учун 35 фоиз
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 45—41 кун олдин харид қилинса, плацкарт вагонлар учун 45 фоиз;
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 40—31 кун оралиғида харид қилинса, плацкарт вагонлар учун 35 фоиз;
- чипта поезднинг жўнаш кунидан 30—6 кун оралиғида харид қилинса, плацкарт вагонлар учун 25 фоиз.
Поезд жўнашига қанча кам вақт қолишига қараб чегирмалар ҳам камайиб боради. Беш кун қолганда эса чипталар белгиланган нархда сотилади. Белгиланган чегирмалар маҳаллий йўналишларда жорий этилмайди.
Юқоридаги имтиёзлар, чегирмалар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Қазакстан темир жўли миллий компанияси” АЖ, “Россия темир йўллари” ОАЖ темир йўли маъмурияти билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ҳозирда йўловчи поездлари Тошкент—Москва, Андижон—Москва, Тошкент—Қозон, Тошкент—Урганч—Волгаград, Тошкент—Урганч—Москва, Тошкент—Урганч—Саратов, Тошкент—Новосибирск, Тошкент—Уфа, Тошкент—Челябинск, Тошкент—Олмаота, Нукус—Бейнеу ҳамда Нукус—Олмаота йўналишларида қатнамоқда. Шунингдек, Тошкент—Бишкек—Балиқчи, Самарқанд—Остона мавсумий йўналишлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари акциядорлик жамияти томонидан халқаро келишув асосида Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи Кулоб—Москва, Душанбе—Москва ва Хўжанд—Москва йўналишларида қатнаётган йўловчи поездларига ҳам хизмат кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб “Афросиёб” тезюрар поездларидан ташқари барча маҳаллий йўналишларда қатновчи йўловчи поездлар чипталарининг нархи 20% га ошишини маълум қилгани ҳақида хабар қилган эдик.