ТОШКЕНТ, 26 фев – Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, тадбиркорлар улгуржи савдо лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эга ҳамда уларнинг тушумларига ягона солиқ тўлови қўлланилади.
Экспорт дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда контрактни суғурта полисисиз амалга оширилиши мумкин.
Экспорт қилувчилар мева-сабзавотларни кейинчалик экспорт қилиш учун жисмоний шахслардан сотиб олганда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар сотилган маҳсулотлар уларга ёки уларнинг оила аъзоларига ажратилган ерларда етиштирилганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмасдан қўлланилади.
Маҳсулотларни транспортда ташишда табиий йўқолиш кузатилганида бу ҳақда тадбиркорлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига маълумот киритади.
Табиий йўқолишлар бўлганида йўқолиш суммаси дебитор қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди.
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилган экспорт контракти бўйича дебиторлик қарзи мавжуд тадбиркорлар автоматик равишда ноҳалол экспортчилар реестрига киритилади.
Ноҳалол экспортчилар кейинги экспортини фақат 100 фоизли олдиндан тўлов шарти билан амалга оширади.