ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги портлашга иситиш қозонининг носозлиги сабаб бўлган, деб хабар қилди Ўзбекистон ФВВ.
Авария натижасида, воқеа жойидан узоқ бўлмаган, флюорография хонасида навбатдаги тиббий кўрикдан ўтаётган Андижон шаҳри 4-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчилари жабрланган.
Аниқланишича, 9-синфнинг 18 нафар ўқувчиси ва уларни кузатиб борган 4 нафар ўқитувчи енгил жароҳат олган, уларнинг аҳволи қониқарли. Шунингдек, ўрта даражадаги жароҳатланган икки нафар ўқувчиларга тезкор ёрдам кўрсатилган. Уларнинг ҳам саломатлиги қониқарли даражада, келтирилган хабарда.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан, содир бўлган вазиятнинг келиб чиқиш сабаблари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Андижон шаҳар ҳокимияти, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ҳамда “Ўзтрансгаз” мутахассислари таркибидан иборат комиссия тузилди.