ТОШКЕНТ, 25 фев - Sputnik. Вьетнам ҳукумати келиб чиқиши хитойлик бўлган австралиялик актёр Говард Эксни мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда РИА Новости Channel News Asia телеканалига таяниб хабар қилди.
Телеканал маълумотига қараганда, Говард Экс Вьетнамга ўтган ҳафта АҚШ президенти “қиёфадоши”, актёр Рассел Уайт билан биргаликда келган. Актёрлар Ханой опера театри олдида оммага кўриниш бериб, посбонлар қуршовида икки давлат етакчиларининг “саммити”ни ўтказишган. Бу эса журналистларнинг диққатини ўзига жалб этган.
Жума куни Говард Вьетнам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ходимлари томонидан сўроқ қилинган ва Гонгонг шаҳрига жўнатиб юборилиши ҳақида маълум қилинган. Вьетнам иммиграция хизмати ходимлари актёр Говард Эксга унинг виза “амал қилмаслигини” айтишган. Шимолий Корея етакчиси қиёфадошига бошқа ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
Шунингдек, телеканал маълумотига қараганда, Рассел Уайт Вьетнамда қолиши мумкин, аммо мамлакат ҳукумати унга Трамп қиёфасида оммага кўриниш беришни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Шимолий Корея президентларининг учрашуви 27—28 февраль кунлари Вьетнам пойтахти Ханойда бўлиб ўтиши режалаштирилган.