ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. Самарқанд вилояти Ургут тумани "Дўстлик" маҳалласи Янгиариқ кўчасида содир бўлган ёнғин оқибатида беш кишининг куйган ҳолдаги жасадлари топилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг 22 февраль куни соат 02 дан 01 дақиқа ўтганда Самарқанд вилояти Ургут тумани "Дўстлик" маҳалласи Янгиариқ кўчасидаги 89-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Ургут тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига зудликда 6 та асосий ва 1 та махсус ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида 89-уйнинг 150 кв.метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ҳамда қўшни 102-уйнинг 15 кв.метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Ёнғинни бартараф этиш жараёнида 89-уй эгаси, рафиқаси, қизи, набиралари ёнғин ўчирувчилар томонидан қутқарилган. Улардан бири куйиш тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига олиб кетилган, аҳволи қониқарли (10 фоиз куйиш тан жароҳати олган).
“Ёнғинни ўчириш вақтида 89-уй эгасининг фарзандлари 1980 й.т. Х.У., 1986 й.т. О.У., келини 1993 й.т. Ш.Э., набиралари 2013 й.т. Ш.З. ва 2018 й.т. Ш.З.ларнинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган”, - дейилади хабарда.
Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.