ТОШКЕНТ, 21 фев – Sputnik. 20 февраль куни 16 ёшли 10-синф ўқувчиси мактабга ўзи билан бирга пневматик пистолет, пневматик газли балон ва ҳимоя маскаси олиб келган.
“Юнусобод туманида жойлашган 10-синф ўқувчиси мактабга ўзи билан бирга пневматик пистолет, пневматик газли балон ва ҳимоя маскаси олиб келган”, - деб маълум қилишди Тошкент ИИББда.
Ушбу ҳолат профилактика инспектори томонидан танаффус вақтида ўқув сумкаларини текширганида аниқланган.
“Ўқувчининг сумкасидан MINI UZI IWI русумли пневматик пистолет, глушитель, 4 дона пневматик газли балон, 1 дона қурол учун магазин, шунингдек, 1,5 мингга яқин металлдан ясалган золдирлар ва 1 дона сафари рангли ҳимоя маскаси топилган”, - дейилган хабарда.
Sputnik Ўзбекистон мухбири бу ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилди.
ИИББда маълум қилишича, бундай қурол спорт дўконларда сотилиши ва уни харид қилиш учун рухсатнома керак эмас.
ИИББ ходимлари томонидан ўсмир ва унинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилди.