Бобур ҳаёти ва ижоди
18:44 14.02.2019 (янгиланди: 15:53 10.02.2023)
© Sputnik / А. Свердлов
/ Oбуна бўлиш
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири, шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби, “Буюк Бобурийлар сулоласи” асосчиси
Ҳаёт йўли
Бобур 1483 йили 14 февралда Андижон шаҳрида, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо ва асли чингизийлардан бўлган малика Қутлуғ Нигор Хоним оиласида дунёга келади. “Бобур” сўзи форсий тилидан “бабр”, яъни “барс”,“йўлбарс” деган маънони билдиради. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Соҳибқирон Амир Темур авлодидан. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг эвараси бўлган. Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор-Хоним мўғул хонларидан бири Юнусхоннинг қизи бўлган.
© SputnikПортрет Захириддина Мухаммада Бабура
Портрет Захириддина Мухаммада Бабура
© Sputnik
Барча шаҳзодалар сингари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таълим ва тарбияни отасининг саройида олади. Бироқ отадан жуда эрта етим қолади. 1494 йили Умаршайх Мирзо бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. 12 ёшида Бобур отасининг ўрнига тахтга ўтиришга мажбур бўлди. У ҳукмдор бўлган дастлабки йилларда Темурий шаҳзодалар ўртасида тожу тахт учун аёвсиз кураш авж олади. Ёш Заҳириддин Андижон тахти учун амакиси Султон Аҳмад Мирзо ҳамда укаси Жаҳонгир Мирзо билан курашишига тўғри келади. Бобур укаси билан муросага келишга ҳаракат қилади Жаҳонгир Мирзога Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини топширади. Ўзи эса Самарқанд учун бўлаётган курашларга киришади.
Курашлар ҳеч қандай натижа бермайди, унда катта ҳарбий кучга эга бўлган Шайбонийхоннинг қўли баланд келади. Бобур Самарқандни ташлаб кетади. Бироқ Шайбонийхон 1504 йили Андижонни ҳам қўлга киритади ва Бобур жануб томон бош олиб кетишга мажбур бўлади. Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатади. 1505-1515 йиллар давомида у Марказий Осиёга қайтишга ҳаракат қилади, бироқ бу уринишларидан ҳам ҳеч нарса чиқмайди.
Бобур ўз мавқеини тиклаш мақсадида 1519-1525 йилларда Ҳиндистон учун бир неча бор жанглар олиб боради. 1526 йил Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан жанг қилади. 1527 йили эса Читора ҳокими Рано Санго билан курашади. Икки курашда ҳам Бобурнинг қўли баланд келади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда ўз ҳокимиятига асос солади. Бобур асос солган сулола тарихда энг йирик сулолалардан бири бўлиб, унинг авлодлари 350 йилдан ортиқ Ҳиндистонга ҳукмронлик қилади.
Бобур ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон гуллаб-яшнайди. Адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ривожланади. Унинг ўғиллари ва авлодлари даврида Ҳиндистон қудратли мамлакатлардан бирига айланди. Бобурнинг авлодлари бобосининг бунёдкорлик ишларини муносиб давом эттиришади. Мамлакатда мукаммал маънавий-руҳий муҳит вужудга келади. Ҳиндистон тарихида Бобурнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Йирик ҳинд олими Жавоҳарлаъл Неру у ҳақида шундай дейди: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.
Булардан сўнг Бобур узоқ яшамади: 1530 йили Аграда 47 ёшида вафот этади. Ривоятларга кўра, Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн Мирзо оғир дардга чалинади. Бобур уч кечаю уч кундуз Яратгандан ўғлининг дардига шифо сўраб, фарзанди чекаётган дардни ўзига беришини сўрайди. Ҳумоюн Мирзо тузалади, бироқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўп ўтмай вафот этади.
Бобур ижоди
Бобур ўзбек тарихида том маънода йирик шахс. Унинг тарихчи олим, зукко адиб ва дилбар шоир сифатида қолдирган адабий мероси бебаҳодир. Бобур ҳукмдорлик мажбуриятларидан ортиб йирик асарлар ёзишга муваффақ бўлган. Унинг лирикаси адабиётдаги ўзига хос лирика. Шубҳасиз, шеъриятининг асосий мавзуи Ватан, Ватан соғинчи бўлган. Тахт учун қондош ака-укаларнинг душман бўлиб курашиши, атрофдаги инсонларнинг хиёнати, ватанини бирлаштиролмаганидан сўнг тортган азоблари ва ниҳоят умрининг сўнггигача Ватан соғинчи унинг шеъриятига кўчган десак муболаға бўлмайди. Бу мавзулар Бобур ғазаллари, рубоийларида кенг ёритилган.
© SputnikМеждународная научно-практическая конференция "Интеллектуальное наследие Захириддина Мухаммада Бабура и современность"
Международная научно-практическая конференция "Интеллектуальное наследие Захириддина Мухаммада Бабура и современность"
© Sputnik
Шу билан биргаликда Бобур лирикасида юксак ва олийжаноб инсоний туйғулар, адолатпарварлик, инсонпарварлик туйғуларини мадҳ этган. Халқда унинг:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир.
рубоийси машҳур. Бобур шеъриятини асосан ишқий мавзудаги асарлар ташкил этади. Ишқий ғазалларда Бобур ҳазрат Навоийдан илҳомланган бўлса ажаб эмас. Бобур шеъриятида ахлоқ ва диний мукаммаллик масалалари ҳам кўтарилган. Лирикасининг ўзига хослиги шундаки, у асарларини ниҳоятда содда, самимий, ҳаммага тушунарли бўлган тилда ёзишга ҳаракат қилган. Ғазал ва рубоийларида баландпарвоз сўзлар, мукаммал ибораларни қўлламаган. Хусусан, бу ҳақида у ўз “Бобурнома” асарида ҳам тўхталиб ўтган: “Равшан ва тоза шаплар ёрдамида, соддароқ ёз: ва сенга ҳам, сени хатингни ўқуғанга ҳам осон бўлади”.
Ўзни, кўнгул, айш билан тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.
Айшу тараб гулбуниға сув бериб,
Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.
Тийра турур зуҳд дамидир кўнгул,
Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.
Ҳар нимаға ҳам ема, ғам кўп турур,
Айш била ўзни унутмоқ керак.
Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак.
Бобур лирикаси мана шундай насиҳатларга бой, содда ва самимийдир. Шоирнинг шеърий мероси кўпқиррали. У насрда ҳам салмоқли ижод қилган. Бобурнинг барча назмий асарлари “Қобул девони” сўнгра “Ҳинд девони”га жамланган. У 1521 йили фалсафий-диний асари “Мубаййин”ни ёзади. Асарда ислом шариатининг 5 устуни, шунингдек “Мубаййину-л-закот” солиқ чиқими китобини ёзган. “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” каби илмий асарлар ёзгани маълум, бироқ улар ҳанузгача топилмаган.
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзғорим ул қаро қошдин яна.
Мен худ ул тифли паривашға кўнгул бердим, вале,
Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.
Юз ёмонлиқ кўруб ондин телба бўлдунг,эй кўнгул,
Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна,
Тош урар атфол мани,уйида фориғ ул пари,
Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.
Оёғим этганча Бобурдек кетар эрдим,нетай,
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.
Бобур шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортиқ. Шулардан 119 таси ғазал, 231 таси рубоий. Бобур туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда ҳам асарлар яратган.
Унинг “Аруз ҳақида рисола” илмий асари Шарқ тилшунослигида катта аҳамиятга эга. Асарда шоир нутқдаги урғули ва урғусиз, узун ва қисқа бўғинлар тизими назариясини бойитган, унинг тасниф ва турларини ривожлантирган. Ўз қарашларини араб, форс тожик ва турк шеърияти манбалари билан асослаб берган. Шу билан у Алишер Навоий анъаналарини муносиб давом эттиради. Халқ шеъриятига эътибор беради. Баъзи асарларида халқ қўшиқ санъати ҳақида қимматли маълумотлар беради.
Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.
Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.
Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,
Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.
Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.
Шоҳ ва шоир, шунингдек, бадиий таржималар билан ҳам шуғулланган. Йирик сўфий, Баҳоуддин Нақшбандийнинг издоши Хожи Аҳрор Валининг “Волидия” яъни “Ота оналар рисоласи”ни шеърий кўринишга таржима қилган. Араб графикаси асосида “Хатти Бобурий”ни тузади. Ушбу графика асосида муборак Қуръони карим ҳамда Бобурнинг шахсий асарлари қайта ёзилган.
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.
Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,
Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.
Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.
Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.
Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.
"Бобурнома" асари
“Бобурнома” Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодиёти устуни. Жаҳон адабиёти ва манбашунослигида муҳим ва ноёб ёдгорлик. Эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган. Асарнинг “Бобурия”, “Воқеанома”, “Тузуки Бобурий”, “Табақоти Бобурий”, “Таворихи Бобурий” каби кўплаб номлари ҳам маълум.
© SputnikИз рукописи "Бабур-наме".
Из рукописи "Бабур-наме".
© Sputnik
Темурийлар тарихи ҳақида батафсил сўйлайдиган йирик манба. Асарнинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари Ўзбекистон фанлар Академияси шарқшунослик институтида сақланади. Кўплаб дунёвий, жумладан, форс, инглиз, рус, турк, голланд, француз тилларига таржима қилинган. Хусусан, асар форс тилига Бобурнинг набираси, йирик ҳукмдор Акбаршоҳ амри билан таржима қилинади, унга энг маҳоратли ҳинд рассомлари томонидан миниатюралар чизилган. Ҳозирги вақтга қадар “Бобурнома” 25 дан ортиқ тилларга таржима қилинган.
Асар воқеалари 12 ёшлик кичкина Бобурнинг ҳукмдор бўлганидан бошланади. Асар биринчи шахсдан сўзланган бўлиб, унда Бобур ҳаётида кўрганх-кечирганларидан ташқари, жанглари, юришлари, қадами етган шаҳарлар ва масканлари ҳақида қизиқарли маълумотларни қолдиради.
© SputnikМеждународная научно-практическая конференция "Интеллектуальное наследие Захириддина Мухаммада Бабура и современность"
Международная научно-практическая конференция "Интеллектуальное наследие Захириддина Мухаммада Бабура и современность"
© Sputnik
Айтиш мумкинки, “Бобурнома” ҳар томонлама ажиб асар. Биринчидан, у автобиографик-Бобур ҳаёти, замондошлари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Иккинчидан, асар ўша давр географияси, маданиятшунослиги, санъати, ҳаттоки, ўсимликлар олами ҳақида ҳам маълумотларга бой. Қизиқ жиҳати шундаки, асарда 1508 йилдан 1519 йилгача бўлган бирор воқеа кузатилмайди. Бу балки муаллифнинг хоҳиши ёки қўлёзманинг турли сабабларда йўқолган бўлиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ушбу асар Бобурнинг ҳар томонлама етук, зийрак, зукко шахс бўлганидан далолат беради. Айниқса, асардаги ҳикматлар қадрлидир. Унда шарқона донишманлик акс этган. Масалан: “...ҳар кимдин яхши қоида қолғон бўлса, анинг билан амал қилмоқ керак”, “агар ота ёмон иш қилғон бўлса, яхши иш билан бадал қилмоқ керак” каби насиҳатлар ҳам учрайди.
Бобурнома асосида бир қатор бадиий асарлар яратилган. Хусусан, француз адибаси Флора Анна Стилнинг “Бобурхон”, яна бир француз адиби Фернард Гренард “Бобур”, америкалик ёзувчи Ҳарольд Лембнинг “Бобур йўлбарс” романлари. Ҳиндистонлик Муни Лаъл бобурийлар тарихига асосланиб 6 та роман ёзган. Ўзбек адабиётида эса Ойбек, Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султон, Хуршид Даврон каби ёзувчилар Бобурга атаб қисса-романлар ёзган.
Айниқса, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ҳамда Бобурий шаҳзодалар ҳақида “Авлодлар довони” каби асарлари жуда машҳур. Ёзувчи Хайриддин Султон Бобур қадами етган манзиллар ҳақида қизиқарли роман ёзган. Хуршид Даврон “Самарқанд хаёли” қиссаси, “Бобур соғинчи” пьесасини яратган. Бобурнинг қизи шарқ адабиётида биринчи тарихчи, олима, адиба Гулбадан-бегим “Бобурнома” асарининг давоми сифатида “Ҳумоюннома” асарини яратади. Яна бир бобурийзода малика Зебуннисо ҳам мумтоз ўзбек адабиётида ўзининг нафис ғазаллари билан машҳур.
Шоир номини абадийлаштириш мақсадида унинг она шаҳри Андижонда ҳайкал ўрнатилган. Бир қанча маскан ва манзилларга Бобур номи берилган. Ҳар йили 14 февраль республика бўйлаб Бобур таваллуд топган кун кенг миқёсда нишонланади.