ТОШКЕНТ, 6 фев – Sputnik. Ўзбекистонда келажакда никоҳ шартномалари барча янги тузилаётган оилалар учун мажбурий бўлиши мумкин, деб ёзади “Народное слово” нашри.
Шартномани мажбурий қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон оила кодексига киритиш ташаббуси билан “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар маркази мутахассиси Гулнора Ишанханова чиқди.
Ишанханова фикрига кўра, сўнгги вақтларда жамиятда юз бераётган ўзгаришлар оила муносабатлари соҳасида ҳам қонунчиликни такомиллаштиришни талаб қилади.
Хусусан, никоҳ шартномалари орқали нафақат мол-мулк масалалари, балким оилада бир томонни дискриминация қилишни, учинчи томоннинг оила ишларига аралашишни олдини олиш ҳамда бола тарбиясида иккиала томон мажбуриятларини аниқ белгилаб олиш учун уни мажбурий тартибда имзолаш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деб ҳисоблайди мутахассис.
“Агар никоҳ шартномаси иккала томоннинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликларини ҳисобга оладиган бўлса, у муҳаббатни ва оилани бузмайди. Аксинча - уларни мустаҳкамлайди. Агар ажралишга тўғри келса – кўплаб можаролардан сақлаб қолади ва оила аъзосини ҳимоя қилиш имконини беради. Буни мен ўзимнинг ҳуқуқшунослик тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаяпман”, - дейди Гулнора Ишанханова.
Айни дамда Ўзбекистонда никоҳ шартномаси ёзма равишда имзоланиб нотариус томонидан тасдиқланиши керак. Шартномада кўплаб масалалар: мол-мулкни тақсимлаш, оила харажатларини кўтариш ва бошқа масалалар кўзда тутилган бўлиши мумкин. Никоҳ шартномаси фақат ўзаро розилик асосида бекор қилиниши мумкин. Бир томон хохишига кўра бекор қилинмайди.
2018 йил давомида Ўзбекистон ногтариал идораларида 219та никоҳ шартномалари имзоланган. Умумий никоҳлар сони эса – 311 мингдан ортиқ. Қайд этилган ажралишлар сони – 32 мингта.