ТОШКЕНТ, 5 фев – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (УНАМА) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмтаи хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, учрашувда Ўзбекистон билан УНАМА ўртасидаги ҳамкорликнинг, жумладан, Афғонистонда хавфсизлик ва мустаҳкам ривожланишни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш соҳаларидаги муносабатларнинг асосий йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
“ТИВ раҳбари Ўзбекистон томонининг тинчлик жараёнининг ҳар қандай босқичида мамлакат ҳудудида Афғонистон Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди”, - дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, Тадамичи Ямамото БМТ ва унинг институтлари, хусусан УНАМА, Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши, инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни минтақавий ҳамкорликка жалб қилишга оид саъй-ҳаракатлари борасида президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистон олиб бораётган изчил сиёсатни маъқуллашини ва қўллаб-қувватлашини билдириб ўтди.
Шунингдек, учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди. Халқаро терроризм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосидан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашиш учун ҳамкорликни мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги тасдиқланди.