ТОШКЕНТ, 5 фев – Sputnik. GM Uzbekistan 2019 йил охирида Cobalt автомобиллари ишлаб чиқаришни тўхтатади, деб хабар қилди компания вакили “Автомобиль саноати: кечаги кун ва истиқболлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида, “Дарё” хабарига асосан.
Акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Азиз Шукуров айтишига қараганда, компания бундан буён эски автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни тўхтатади.
«Янги Cobalt унчалик ҳам янги эмас. GM’нинг ўзида, Бразилияда ушбу лойиҳа 2016 йилда амалга оширилган эди. Ўзбекистонда жорий йилнинг охирида Cobalt ишлаб чиқариш тўхтатилади. Биз эски автомобиль моделларини ишлаб чиқариш тўғри эмас, деган хулосага келдик. Шундай қилиб, янгиланган Cobalt ишлаб чиқариш бўйича режамизни бекор қиламиз», — деди Азиз Шукуров.
Шукуров айтишига кўра, “Ўзавтосаноат” ишлаб чиқарилиши тўхтатилган Captiva автомобили ўрнига 2019 йилнинг 3 чорагида икки турдаги кроссовер ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
"Авваллари биз GMнинг ишлаб чиқарилган моделларини Ўзбекистонга олиб келиб, йиғардик. Бизнинг моделлар қаторимиз ўрта ҳисобда 9—10 йил ишлаб чиқариларди. Бу жуда катта муддат. Ҳозирда эса моделлар ҳар 3—5 йилда ўзгаряпти. Шунинг учун биз GM’даги ҳамкорларимиз билан келишиб олдик: Янги инвестицион лойиҳаларни татбиқ этамиз. Келгуси уч йил давомида эса Асака заводидаги моделлар қаторини янгилаймиз", — дейди акциядорлик жамияти раиси ўринбосари.