ТОШКЕНТ, 4 фев – Sputnik. Давлат Статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботга кўра, 2019 йилнинг январь ойида товарлар ва хизматлар орасида нархлар ўсиши энг кўп озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасида кузатилган.
2018 йилнинг январь ойи билан солиштирганда, асосий маҳсулотлар нархлари ўсганини қайд этиш мумкин. Хусусан, нон маҳсулотлари - 28%га, гўшт ва балиқ – 20 %га, сут маҳсулотлари – 13%га, алкоголь – 10%га ва ёғлар – 8% ошгани қайд этилган.
2018 йилнинг Декабрь ойи билан солиштирганда, нархи энг кўп ошган маҳсулот гуруҳлари қуйидагилар бўлган: мева сабзавотлар – 8,3 %, сут маҳсулотлари – 3 % ва нон маҳсулотлари – 2 %га ўсиши кузатилган.
Қайд этиш жоизки,нон нархининг кескин ошишига бир неча объектив сабаблар бор. Хусусан, 2018 йилнинг сентябрь ойида Ҳукумат қарорига асосан, қолипли нон (буханка) нархларини тадбиркорлар томонидан эркин белгилашга рухсат берилган эди. Ундан олдин "буханка" нархи давлат томонидан белгилаб берилган.
Шунингдек, алкоголли ичимликлар нархи ошишига алоҳида сабаб ҳам бор. Ўтган йилнинг охирида барча алкоголли ичимликлар учун акциз тўловлари миқдори оширилган эди.