ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом ва этика қўмитаси (AFC) Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовни Осиё кубогининг нимчорак финал босқичи доирасида бўлиб ўтган Австралия-Ўзбекистон ўйинидан кейин флэш-интерьюга келмаганлиги учун 10 минг доллар миқдоридаги жаримага тортди, деб хабар қилди AFC расмий сайти.
Осиё кубогининг плей-офф баҳсида Ўзбекистон жамоаси пенальтилар сериясида 2:4 ҳисоби билан имкониятни бой бериб қўйган эди. Одил Аҳмедов майдонда 120 дақиқа сардорлик боғичини тақиб, тўп сурган эди. Ўйин якунидан сўнг футболчи турнир қонун-қоидаларига кўра бўлиб ўтиши шарт бўлган флэш-интервьюга келмаган.
ОФК қўмитасининг қарорига кўра, Аҳмедов 10 минг доллар миқдорда жарима тўлаши шарт. Ушбу сумма 30 кун ичида ОФК ҳисоб-рақамига ўтказилиши лозим.
Таъкидланишича, Одил Аҳмедов яна бир марта шундай қоидабузарликка йўл қўйса, бундан ҳам жиддийроқ жазога тортилиши мумкин.
Осиё кубоги 5 январдан 1 февралгача БААда бўлиб ўтмоқда. Финалда Япония ва Қатар жамоалари ўзаро куч синашади. 1 февраль куни бўлиб ўтадиган финалга ўзбекистонлик Равшан Эрматов бош ҳакам сифатида тайинланган.