ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Ўзбекистон Россиядан ЯК-130 ўқув-ҳарбий самолётларини сотиб олишга қизиқиш уйғотмоқда, деб ёзади “Коммерсант” нашри.
“Як-130 самолётларига Ўзбекистон ҳам қизиқиш уйғотмоқда, лекин ҳозирча музокаралар бошланғич босқичда”, - дейилган хабарда.
Иркутск Авиация заводи сўнгги вақтларда Як-130 ўқув самолётларига кўплаб буюртмалар олмоқда. Хусусан, Бангладеш, Мьянма, Белоруссия ва Лаос ҳам бир неча самолёт сотиб олишган.
Як-130 – икки ўринли ўқув-жанговар самолёти бўлиб, у учувчиларни замонавий ўта манёврли самолётларда учиш учун тайёрлашга мўлжалланган.
Ушбу самолётдан жанговар мақсадларда енгил штурмовик, разведкачи-самолёт, қирувчи ва бомбардимончи самолётсифатида ҳам фойдаланса бўлади. Айрим ОАВларда пайдо бўлган маълумотларга кўра, Як-130 асосида Россияда биринчи оғир жанговар учувчисиз аппарат ҳам яратилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бир неча йил олдин Ўзбекистон Жанубий Кореядан Golden Eagle Т-50 ўқув самолётларини харид қилмоқчи бўлганда АҚШ бунга қарши чиққан эди.