ТОШКЕНТ, 30 янв – Sputnik. Муҳандис Аҳмад, Жўзжон вилояти Хумаб туманининг раҳбари Sputnik Afghanistan нашрига берган интервьюсида ушбу минтақада толиблар қанақа қонун-қоида ва тартиб-интизом ўрнатганликлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Аҳмаднинг сўзларига кўра, толиблар мазкур туманда ўз қонунларини жорий этишган. Улар маҳаллий аҳолига дўқ-пўписа қилиб, пулларини олишади. Шунингдек, Хумабга чегарадош бўлган ҳудудларда гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланишади.
“Толиблар Хумабни эгаллаб олгандан буён улар солиқ йиғиб олишдан ташқари турли баҳоналар билан одамларни қўрқитиб пул талаб қилишади”, - деди у.
Унинг айтишича, толиблар эркакларнинг соқоли бўлмагани, намоз ўқишдан бош тортгани ҳамда бошқа “гуноҳлари” учун жарима жорий этишган.
“Хумаб Туркманистон билан чегарадош бўлгани сабабли толиблар гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланишади”, - деб қўшимча қилди Аҳмад.
Минтақа раҳбарининг таъкидлашича, толиблар Хумабни эгаллаб олишган вақтда улар орасида чет элликлар ҳам бор эди, аммо “ҳозир уларнинг сони камайган, ва улар бу ерга фақат дам олгани ва балиқ танаввул қилгани келишади”.
Унинг сўзларига кўра, хорижлик толибларнинг кўп қисмини асли ўзбекистонлик ва покистонликлар ташкил қилади.
Аҳмад суҳбат якунида ҳукумат бир неча марта минтақани ўз назоратига қайтаришга ваъда бергани, аммо ваъда беришдан нарига ўтмаганини маълум қилди.