ТОШКЕНТ, 29 янв – Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида “Фахрий фуқаро” унвонини таъсис этиш ҳақидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда айтилишига кўра, “Фахрий фуқаро” унвони Ўзбекистон Республикаси олдида буюк хизматлар кўрсатган хорижий фуқароларга ёки фуқаролиги йўқ шахсларга берилади.
Шу билан бир вақтда, ушбу унвон давлат мукофоти ҳисобланмайди ва фуқаролик олиш учун асос бўла олмайди.
“Фахрий фуқаро” унвонини бериш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
- иқтисод, фан, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси учун;
- ўзбек халқининг маънавий ва маданий бойликларини асраш ва хайрли ишларга қўшган ҳиссаси учун;
- жамоатчилик томонидан тан олинган Ўзбекистон обрўсини кўтаришга қўшган ҳиссаси;
- Ўзбекистон иқтисодига 40 000 ЭКИҲ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда сармоя киритиш, Ўзбекистон ҳудудида хорижий корхона ташкил этиш учун ҳам берилиши мумкин.
"Фахрий фуқаро"га бир қатор ҳуқулар ҳам берилган, хусусан:
- Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш ва республика бўйлаб ҳаракатланиш, республика ҳудудида оила аъзолари билан бирга яшаш;
- давлат ва маҳаллий ҳокимият мансабдор шахслари томонидан биринчи навбатда қабул қилиш;
- давлат ва жамият тантанали тадбирларида иштирок этиш;
- ўз исми-шарифига унвонни қўшиб айтиш;
Каби ҳуқуқлар берилган. Шунингдек, "Фахрий фуқаро" оғир жиноят содир этган ҳолда ушбу унвондан маҳрум бўлиши мумкин.