ТОШКЕНТ, 25 янв - Sputnik. Жорий йилнинг 22 январь куни Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида видеоконференция тарзида йиғилиш бўлиб ўтди.
Мажлис давомида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида замонавий ягона мактаб формаси жорий этилаётгани муносабати билан таълим муассасалари, жойлардаги халқ таълими бўлимлари ва бошқармалари раҳбарлари мактаб формаларини вақтида ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ўқувчилар сони бўйича маълумотларни ўз вақтида шакллантириши лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, вазир ўринбосари томонидан мактаб директорларининг мактаб формаси хариди билан боғлиқ масалаларга аралашиши қатъиян тақиқланганлиги такрор ва такрор айтилишига қарамасдан айрим мактаб директорлари ота-оналарга қайси ишлаб чиқарувчининг мактаб формасини сотиб олишлари кераклигини "тавсия" қилиб келаётгани танқид остига олинди. Таълим муассасаси ходимлари ушбу жараёнларга аралашмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.
Мактаб формаларини қаердан ва неча пулдан олса бўлади >>>
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантириши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан бирга республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этишлари, шаҳобчаларнинг жойлашиш манзилларини ОАВ орқали эълон қилиниши белгиланган.
Мактаб формаси учун газлама Корея билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилиши мумкин >>>
Йиғилиш якунида қарорда кўрсатиб ўтилган вазифалар билан биргаликда мактабларда ташкил этиладиган ота-оналар мажлисларида таълим муассасаларига мактаб формасининг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини доимий равишда олиб бориш, мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашувини қатъиян чеклаш бўйича чоралар кўриш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.