ТОШКЕНТ, 24 янв - Sputnik. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 17 январдаги қарорига асосан ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа соҳасида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бу соҳада ҳарбий-илмий тадқиқотларни ташкиллаштириш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти этиб қайта ташкил этилди.
Ўзбекистондаги ушбу ҳарбий институт Мудофаа вазирлигининг давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлиб, у олтита йўналиш бўйича тактик бўғиндаги офицер кадрларни икки йиллик тайёрлашни амалга оширади, деди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати вакили.
Булар, алоқа қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги; махсус алоқа ва давлат сирларини муҳофаза қилиш тактик қўмондонлик-муҳандислиги; ахборот тизимлари ва технологиялари тактик қўмондонлик-муҳандислиги; радиоэлектрон разведка ва кураш тактик қўмондонлик-муҳандислиги; ҳаво ҳужумидан мудофаа радиотехника қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги; ҳаво ҳужумидан мудофаа зенитҳ-ракета қўшинлари тактик қўмондонлик-муҳандислиги.
Шунингдек, янги ташкил этилган ҳарбий институт Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультетининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартнома бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.