ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида 155 дан ортиқ зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Марказлари (шелтерлар) ташкил этилди, деб хабар қилди Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати.
“Марказларда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган”, - дейилади хабарда.
Оғир аҳволда қолган аёлларга ёрдам бериш мақсадида Республика доирасида ягона қисқа рақамли “1146” "ишонч телефони" ишга туширилган. Мурожаатчининг шахси ва мурожаати сир сақланиши кафолатланади.
Шунингдек, шелтерлар жойлашган аниқ манзиллар аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сир тутилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 30 мингдан зиёд оила ажрашишга ариза бергани ҳақида хабар бергандик.