ТОШКЕНТ, 23 янв – Sputnik. Келажак автомобили қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб оддий – у электромобиль бўлиши керак!
Ҳа-ҳа, ким нима деса десин-у, лекин яқин келажакда электромобиллар арзонлашади ва оммавийлашади. Бензин нархи ва инсоният ривожланиш даражаси – шу босқичигача етиб келди.
Глобал бозор учун автомобиллар ишлаб чиқарувчи компания Volkswagen 2019 йилнинг сентябрь ойида ўзининг биринчи оммавий электромобилини бозорга чиқаради. Insideevs унинг Жанубий Африкада суратга олинган биринчи видеолавҳасини тарқатди. Бу автомобиль ҳақиқатдан ҳам яқин орада бозорга чиқишга тайёргарлик кўраётганидан дарак беради.
“Халқ электромобили”
Volkswagen I.D. деб номланган электромобиль концепти илк бор 2016 сентябрда Париж Автомобил кўргазмасида намойиш қилинган эди. Албатта VW бренди олдин ҳам электромобиллар ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарган, лекин улар аксарият ҳолларда бензинли автомобиллар базасида яратилган кичик серияли кам сонли автомобиллар эди.
Volkswagen I.D.эса оммавий ишлаб чиқаришга мўлжалланган, бошидан электромобиль сифатида яратилган бутунлай янги транспорт воситаси бўлади.
Янги транспорт асосида концерн томонидан бўлажак электромобиллар учун яратилган MEB платформаси ётади. Унга кўра автомобил электродвигатели орқа қилдираклар орасида жойлашган бўлиб, аккумляторлар батареялари эса автомобильнинг ўртасида пол қисмида жойлашади.
Бензин двигатели, узатмалар қутиси ва бошқа қисмларнинг жойи бўшаб қолгани туфайли, электромобильнинг узунлигини қисқартириш ва салонни кенгайтиришга имконият пайдо бўлган. Натижада, ўзи ўртача лекин салони жуда кенг ҳамда тор шаҳар кўчалари учун жуда қулай ТВ яратишга муваффақ бўлинган.
Электромобиль 170 от кучига эга бўлган электродвигатель билан жиҳозланади. Аккумулятор ҳажми эълон қилинмаган бўлсада, унинг бир қувватланишда 400 – 600 км масфага етиши хабар қилинган. Қувватланиш вақти эса – 6 соатга яқин.
Ундан ташқари келажакда Volkswagen I.D.га ўз-ўзини бошқариш функцияси ҳам киритилиши мумкин. Бунинг учун автомобиль конструкцияси керакли заҳира имкониятлар киритилган.
Volkswagen хабарига кўра I.D. Европада энг кенг тарқалган VW Golf автомобили билан ёнма-ён сотилади ва унинг нархи ҳам дизелли Гольф билан бир хил бўлиши эълон қилинган.
Албатта шу вақтга қадар ҳам электрда ҳаракатланувчи автомобиллар кўплаб яртилган. Масалан, Tesla ёки Nissan LEAF, лекин улар ҳозирча оммавийлашмаган. Бунга сабаблар бир неча. Асосийси - Tesla жуда қиммат, LEAF бир қувватланишда 100 км га яқин масофага юради холос.
VW концерни 2025 йилга келиб йилига бир миллион дона ана шундай автомобиль сотишни режалаштирган. Электромобиллар учун бу мисли кўрилмаган рақам.
Компания инженерлари I.D.нинг келажакда Фольксваген Гольф ва унинг ўтмишдоши VW Beetle каби муваффақиятли бўлишига, яъни “халқ электромобили” бўлишига умид билдиришмоқда.