ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. 28 январь куни жаҳон футболи юлдузи, Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпиони бўлган Роберто Карлос Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда ЎФА хабар қилди.
Роберто Карлос ташрифи давомида ёш футболчиларга мастер-класслар ўтказиб, меҳрибонлик уйидаги болажонлар билан учрашиши кўзда тутилган.
Шунингдек, бразилиялик футболчи иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинади. Роберто Карлоснинг ташрифига доир тадбирлар, жумладан, матбуот анжуманининг вақти ва бўлиб ўтадиган жойи кейинроқ алоҳида эълон қилинади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик машҳур футбол юлдузлари ва фахрийлар иштирокида 10 дақиқадан иборат 2 таймли ўртоқлик ўйини ташкил қилинади. Роберто Карлос мазкур учрашувда ҳар икки жамоа таркибида биттадан таймда майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Барселона" клубининг собиқ ҳимоячиси Карлес Пуйоль Тошкентга ташриф буюрган эди ва дунёнинг ҳеч қайси давлатида бунчалик ширин меваларни емаганлигини маълум қилган эди.