ТОШКЕНТ, 17 янв – Sputnik. Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилди.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмасининг асосий вазифаси ёғ-мой хом ашёларини қайта ишлаш ва ёғ-мой саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
2022 йил 1 январгача уюшма мол-мулк солиғи ва фойда солиғидан озод этилди.
Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига кирадиган ташкилотлар 2021 йил 1 январгача:
- ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш мақсадида импорт қилинадиган соя дуккаги, кунгабоқар ва бошқа мойли ўсимликлар уруғлари бўйича божхона тўловларидан;
- қўшимча қиймат солиғидан озод қилинди.
Ёғ-мой саноати корхоналарига 2022 йил 1 январгача республикада ишлаб чиқарилмайдиган каустик сода, активлаштирилган табиий минерал маҳсулотлар ва катализаторлар импортида қўшилган қиймат солиғини тўлашни 90 кунга кечиктириш имконияти берилди.
Қарор билан ҳукуматга қуйидаги вазифалар юкланди:
- Ёғ-мой саноатида амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;
- 2019-2020 йилларда 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 37 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
- мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни 90 фоизгача етказиш;
- 2021 йилгача ёғ-мой хом ашёлари жамғариш миқдорини 100 минг тоннагача етказиш;
-2021 йилгача ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳажмларини 400 минг тоннагача етказиш.
Шунингдек, ёғ-мой саноати тармоғи кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илмий-амалий марказ ташкил этилади.