ТОШКЕНТ, 16 янв – Sputnik. Ўзбекистон президентининг 2019 йил 15 январдаги фармонига асосан Раҳимов Дилшод Фахриевич Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Д.Раҳимов 1978 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Юридик фанлар номзоди.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментда бошлаб, Департамент органларида турли лавозимларда, 2012 йилдан Бош прокуратура бўлим прокурори, катта прокурори, бошқарма катта прокурори, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Аввал Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган.