ТОШКЕНТ, 10 янв - Sputnik. Тожикистонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари Панж туманида истиқомат қилувчи фуқарони қўлга олишди. У маҳаллий марказий бозордаги дўконларга ўт қўйиб юборганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар қилди.
Ҳодиса 2 январга ўтар кечаси содир бўлган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида милиция ходимлари томонидан 40 ёшли Азимжон Ражабов ҳибсга олинган. Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғини рашк қилгани туфайли мазкур жиноятга қўл урган.
“Мен уйда латтани мойда ҳўлладим. Кейин дўконга ўт қўйиш учун бозорга келдим. Биринчи уринишим муваффақиятсиз кечди. Мен қайтиб кетдим. Озгина ароқ ичиб, дўконга ўт қўйиш учун бозорга қайтиб келдим. Бунинг ҳаммасини рашк туфайли қилдим”, - дейди жиноятчи.
Аёл бозор ҳудудида жойлашган дўконларнинг бирида сотувчи бўлиб ишлаган. Гумонланувчи айнан шу савдо нуқтасига ўт қўйишни режалаштирган. Ёнғин оқибатида учта дўкон бутунлай ёниб кетган. Дўкон эгаларига етказилган зарар 50 минг сомонига (5300 доллар) баҳоланмоқда.
Ражабовга нисбатан мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.