ТОШКЕНТ, 28 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган навбатдаги Мурожаатномасида олий таълим тизими ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
“Олий таълим тизимида таҳсил олиш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарур. Юртимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш ўтган йилларда 9-10% бўлиб келаётган эди. Сўнги 2 йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз бу рақамни 15%дан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас, чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда ўртача 60-70%ни ташкил этади”, - деди президент.
Шунингдек, 2019 йилда мамлакатда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
“Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини беришимиз, ўйлайманки, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади”, - деб таклиф киритди Мирзиёев.
Шунингдек, бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишини давом эттириш имкониятларини янада кенгайтириш лозимлигини маълум қилди. Жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлишини таъкидлади.