ТОШКЕНТ, 27 дек - Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги "Ватанпарварлик мавзусида энг яхши селфи" танловини бошлади. Унда барча Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши мумкин, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати.
Юборилаётган фотосуратлар Ўзбекистонга чексиз муҳаббат, садоқат, мамлакат тарихи ва бугуни учун куюнчаклик туйғуларини, юртни ҳимоя қилишга бўлган интилиш, шунингдек ахлоқий ва сиёсий принципларни ўзида акс эттириши керак.
Ҳарбий техника, ҳарбий қисм ва муассасалар, шунингдек, бошқа ҳарбийлашган объектлар фонида суратга тушиш маъқулланмайди.
Фотосуратлар электрон ва чоп этилган нусхалари "Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармасига" ёзуви билан Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 100-уй манзили бўйича юбориш сўралган.
Фотосуратлар ҳажми 20х30 см; формати JPEG бўлиши талаб этилади
Фотосуратларга 3х4 см ўлчамдаги муаллифнинг рангли фотосурати; рўйхатдан ўтган турар жойи билан паспорт нусхаси; қисқа таржимаи холи илова қилиниши лозим.
"“Энг яхши селфи" эгаси 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида аниқланиши ва ғолибга қимматбаҳо совға тақдим этилиши айтилмоқда.
Материаллар 2019 йилнинг 5 январига қадар қабул қилинади, дейилган хабарда.