ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Чет эл фуқароларига 2019 йилда Россияда енгил автомобил ҳайдовчиси бўлиб ишлашга таъқиқ қўйилиши мумкин, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
РФ Давлат думасининг транспорт ва қурилиш масалалари бўйича қўмита раиси Евгений Москвичев депутатлар бундай ташаббусни 2019 йилда илгари суришларини маълум қилди.
"Эслатиб ўтаман, биз такси тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқилишда қабул қилгандик, умид қиламанки, 2019 йилда енгил такси тўғрисидаги қонун устида яна ишлаймиз ва охирги вариантда қабул қиламиз. Яна такрорлайман, бу қонунда депутатлар томонидан киритилган, Россия фуқаролигига эга бўлмаган чет эллик ҳайдовчиларга енгил таксида ишлашни таъқиқлаш тўғрисидаги таклиф ва тузатишлар бўлади", - деб Москвичев сўзларидан иқтибос келтирмоқда унинг матбуот-хизмати.
Декабр ойида Давлат думаси томонидан такси агрегаторлари ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқилишда қабул қилинган эди. Ҳужжат муҳокамаси мобайнида қонунчилик ташаббусини кейинчалик янада такомиллаштириш масаласи кўтарилган эди.
Ушбу таъқиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқароларига ҳам тааллуқли бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча маълум қилинмаяпти.