ТОШКЕНТ, 15 дек - Sputnik. Жума куни Тошкент марказий вокзалидан Тошкент - Москва - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови бошланди, деб хабар қилди "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот-хизмати.
Шу кунга қадар Ўзбекистондан Москвага фақат иккита, 005/006-сонли Тошкент - Москва - Тошкент ҳамда 149/150-сонли Андижон - Москва - Андижон йўналишида поездлар ҳаракати амалга оширилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатилаётган эди.
"Янги поезд Самарқанд, Навоий, Бухоро, Нукус шаҳарлардан ўтиб Ўзбекистоннинг шимолий дарвозаси бўлган Қорақалпоғистон станцияси орқали ҳаракатланади. Бу эса ушбу худудларда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга, қолаверса Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига келишни истаган сайёҳлар учун ҳам қулайлик яратади", - дейилади хабарда.
Белгиланган жадвалга кўра янги Тошкент-Москва йўналиши бўйича қатнов ҳафтада бир марта яъни ҳар жума куни амалга оширилади.