ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди, деб хабар қилди Адлия вазирлиги "Ҳуқуқий ахборот" канали.
Қонун билан киритилган ўзгартиришларга асосан фоҳишалик учун жарима миқдори оширилди, бу иш билан шуғулланиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жарима солинишига олиб келади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача).
Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади (илгари энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима).
Қонун кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши ва белгиланган тартибда расман эълон қилиниши лозим.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Тошкент ИИББ "Чилонзор-18" даҳасида кўп қаватли уйлар олдида тўпланадиган "капалак"ларга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида хабар бергандик.
Унга кўра, тунги капалакларга қарши операция Тошкентнинг барча туманларида ўтказилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, йил давомида 65 нафар аёл рўйхатга қўйилган, яна 826 нафарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексига асосан далолатнома расмийлаштирилган.