ТОШКЕНТ, 12 дек - Sputnik. Ўзбекистонда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора тадбирлари тўғрисидаги қарорда шу вақтгача долзарб масала бўлган инвесторларга ер ажратиш ва ер участкаларини олиб қўйиш мезонлари аниқ белгилаб берилган, деди Ўзбекистон Республикаси Инвестиция бўйича давлат қўмитасининг йиллик фаолияти ҳисоботига бағишланган тадбирда қўмита вакили Ойбек Ҳамраев.
Sputnik Ўзбекистон мухбири хабарига асосан.
"Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерларни олиб қўйиш - ерлари олиб қўйилиши режалаштирилаётган шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда-ҳаражатлар баҳолангандан кейингина йўл қўйилади. Бундан ташқари, олиб қўйилаётган ер участкалардаги иморат ва иншоотлар бузилишига - кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва олиб қўйиш оқибатида мулкдорларга етказилган зарарларнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейингина йўл қўйилади", - деди Ҳамраев.
У шунингдек, шу вақтгача ер исталган сабаблар билан олиб қўйилганлигини, аммо эндиликда ер участкаларини олиб қўйиш мезонлари аниқ белгиланганлигини қайд этди.
Ҳужжатга кўра, эндиликда ерлар Мудофаа ва давлат хавфсизлиги муҳофаза этиладиган ҳудудлар эҳтиёжлари учун, ёки эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши учун керак бўлса, олиб қўйилиши мумкин.
Ундан ташқари, инфраструктура объектлари: автомобил ва темир йўллари, аэропортлар, темирйўл транспортлари объектлари, кўприклар, метрополитен ва бошқа шу каби инфраструктура объектлари қуриш мақсадида ҳам ер участкалари олиб қўйилиши мумкин.
Аҳоли пунткларининг бош режаларида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектларга, шунингдек, қонунлар ва президент қарорларида тўғридан тўғри кўрсатилган бошқа ҳолларда ҳам ерлар олиб қўйилиши мумкин.