ТОШКЕНТ, 10 дек - Sputnik. Ўзбекистондаги биринчи энг йирик “Амирсой” тоғ-чанғи курортини келаси йил очишни таклиф қилишмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
15 декабрь куни биринчи босқич якунланиб, шу куннинг ўзида Амирсой дам олиш масканининг очилиши режалаштирилган эди. Бироқ юзага келган қийинчиликлар туфайли курорт очилиши кейинга сурилади. Электр энергиясини етказиб бериш ва автомобиль йўллари қурилишидаги муаммолар бунга сабаб бўлган.
“Хусусан, жорий йилнинг 7 декабрида қурилишнинг биринчи босқичига мувофиқ чанғи комплексига олиб борадиган йўлни қуриш бўйича тайёргарлик ишларининг 92 фоизи якунланган”, - дейилган хабарда.
Лойиҳа уч босқичдан иборат – турли даражадаги мураккаб тоғ-чанғи трасса тармоқлари, 7 та дор йўли, сноуборд-парки ва яхмалак майдончаларини қуриш. Лойиҳанинг илк босқичи 2 та дор йўли қурилишини ўз ичига олади.