ТОШКЕНТ, 7 дек – Sputnik. Ўзбекистон Мактабгача таълим вазири Агрипина Шин Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қўлга киритган ғалабаси ҳақида ўз фикрларини Sputnik Ўзбекистон мухбирига билдирди.
“Ҳар бир ўзбекистонлик қалбини қувонч, завқ, ва албатта, фарзандларимизга бўлган ғурур туйғуси қамраб олди. Ғалабага давлат, ота-оналар ва болалар ўзаро интеграцияси туфайли эришилди”, - деди вазир.
Ўзбекистонда мактабгача таълим соҳасида “болаларда энг кичик ёшдан бошлаб шахматга ҳавас уйғотишади”, деб маълум қилди.
“Айнан шахмат ўйини фарзандларимизнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради ва уларни меҳнатга ва ғалабага интилишга одатлантиради”, - деб қайд қилди Агрипина Шин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта ўсмирлар терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритишди ва ғолибларга президент совғалари – «Спарк» автомашиналари топширилди.