ТОШКЕНТ, 5 дек – Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилаётган энг катта кўрик-танлов – «Энг илғор мутахассис»нинг якуний босқичи бошланди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири Мудофаа вазирлигига асосан.
«Энг илғор мутахассис» танловида ҳарбий қисм ва муассасаларда бир йилдан зиёд хизмат қилган ҳарбий хизматчилар иштирок этиши мумкин. Улар танловнинг «Энг илғор сержант», «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор взвод командири», «Энг илғор батальон (дивизион) командири» ва «Энг илғор қўшилма (бригада) командири» номинациялари бўйича ўзаро беллашади.
Танловнинг дастлабки босқичлари қўшинлар таркиби, ҳарбий округларда кучли рақобат муҳитида ўтказилди. Қуйи босқич ғолиблари – энг илғор сержант, гуруҳ, взвод ва батальон командирлари ҳарбий учкураш, тактика, ўт очиш, жисмоний ва маънавий-маърифий тайёргарликлар каби йўналишлар бўйича беллашади.
Бугун эса танловнинг якуний босқичи - Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм ва дала-ўқув майдонида бошланди.
“Танловда қатнашиш ва ғолиб бўлиш учун кўп изландим, ўқидим, ўргандим, Тажрибали офицерлардан сабоқ олдим. Мақсадим – сержантлар ичида сараси, илғори бўлиш. Бунинг учун имкониятим, куч ва салоҳиятим етишига ишонаман”, – дейди кичик сержант Шоҳрух Султонов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Қуролли Кучлар миқёсида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танлови 2004 йилнинг февралида ташкил этилган. Танловнинг мақсади ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, қўшинларда замонавий ҳарбий анъаналарни шакллантириш, ҳарбий хизматчилар қалбида танлаган касбига, она Ватанига ҳурмат ва ватанпарварлик руҳини кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юксак жанговар шайликни таъминлаш, командирлар маҳоратини оширишдир.