ТОШКЕНТ, 4 дек – Sputnik. Монетар сиёсатнинг уч йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ишлаб чиқилди, деб хабар қилди Марказий банк матбуот хизмати.
Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари дастурий ҳужжат ҳисобланиб, у жорий макроиқтисодий ҳолат ва ташқи иқтисодий вазият таҳлили, шунингдек ташқи ва ички шароитларнинг ривожланиш прогнозлари асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжат ўз ичига, ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг мақсад ва тамойиллари, пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва кутилаётган натижалар, макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари ҳамда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштириш чораларини қамраб олган.
“Таъкидлаб ўтиш жоизки, келгуси 2-3 йил давомида тартибга солинадиган нархларнинг эркинлашиши иқтисодиётда инфляцион босимнинг сақланиб туришига сабаб бўлади. Келгусида уларнинг инфляциядаги ҳиссаси камайиши давлат улуши мавжуд монопол корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига боғлиқ бўлади”, - дейилган ҳужжатда.
Ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг муҳим вазифалари сифатида инфляция даражасини пасайтириш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун асос яратиш, шу жумладан пул-кредит сиёсати инструментлари ва трансмиссион механизмларини ривожлантириш каби вазифалар белгилаб олинди.
Марказий банк томонидан 2019–2021 йилларга мўлжалланган асосий йўналишларида пул-кредит сиёсати юритишнинг асосий ва хатарли (муқобил) сценарийлари ишлаб чиқилди.