ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. Тошкентда сохта ҳужжатлар асосида божхона тўловлариан имтиёзлардан фойдаланган ташкилотлар аниқланди, деб хабар қилди божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган МЧЖ мансабдор шахслари, жамиятнинг ишлаб чиқариш цехи мавжуд бўлмасада, гўёки 25 нафар ишчи фаолият юритаётгани ва 20 дона тикув дастгоҳлари мавжудлиги ҳақидаги сохта маълумотлар асосида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлиб, божхона органларига уюшмага аъзолиги ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш орқали хорижий давлатдан импорт қилинган товарлар бўйича божхона тўловларидан 553 млн сўмлик имтиёз олишган.
Текширишда жамият мансабдор шахслари импорт қилинган товарларни ишлаб чиқаришга йўналтирмасдан, нақд пулга сотиб юборишгани аниқланди.
Худди шу усулда, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига сохта ҳужжатлар асосида аъзо бўлиш орқали импорт қилинган матоларни ишлаб чиқаришга сарфламасдан, ички бозорда нақд пулга сотиш билан шуғулланиб, 682 млн сўмлик божхона тўловлари бўйича имтиёздан қонунга зид фойдаланган Шайхонтоҳур туманидаги МЧЖ фаолияти ҳам фош этилди.
Юқоридаги ҳар икки жамият мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилди.